АсосийMadaniyat

Эрон халқаро кинофестивалида “Абдулла Орипов” бадиий фильми иштирок этади

'Эрон халқаро кинофестивалида “Абдулла Орипов” бадиий фильми иштирок этади'ning rasmi

6-11 февраль кунлари Эронда ўтказиладиган 42 - “Фажр” халқаро кинофестивали танлов дастурига Ўзбекистондан “Абдулла Орипов” фильми танлов дастурига киритилди.  

Ушбу фильм Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан 2023 йилда Кинематография агентлиги томонидан Музаффархон Эркинов режиссёрлигида ишлаб чиқарилган. Фильм 2023 йилда ХV Тошкент халқаро кинофестивалида “Ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофоти”га ва Бокуда ўтказилган “Қурқут ота” халқаро кинофестивалида “Энг яхши ссенарий” номинациясига сазовор бўлган.  

Эрон Форобий кино фонди ва мамлакат кино жамияти кўмагида ўтказилаётган “Фажр” халқаро кинофестивали бу соҳадаги нуфузли кинофестиваллардан биридир. Кино фестивал Эрон Маданият вазирлиги ва Ислом иродаси вазирлиги томонидан биринчи марта 1983 йилда ташкил этилган ва ҳар йили ушбу санада кинофестивал ўтказилиши анъанага айланди. Фестивалнинг биринчи очилиши 1983 йил 1 февралда бўлиб ўтди. 1983 йилдан буён ҳар йили Эрон Ислом инқилобининг йиллиги арафасида ўтказилади. 1995 йилдан бошлаб хорижий фильмлар танлов дастурига киритилди ва фестивал халқаро деб эълон қилинди.

Тадбир дастлаб бутун дунё киноижодкорлари ўртасида фикр ва ғоялар алмашиш мақсадида ташкил этилган. Қоидага кўра, “Фажр” халқаро кинофестивали ҳар йили қишда бўлиб ўтиши режалаштирилиб, жорий йил  6-11 февраль кунлари бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Бундай муҳим воқеа учун 80 дан ортиқ давлатдан барча таниқли кино арбоблари Теҳронга жамланишади. Айни кунларда дунёнинг турли бурчакларидан эрон миллатига мансуб актёрлар ўз ватанларига қайтишмоқда. Бир неча кун ичида танқидчилар, кино мутахассислари ва томошабинлар юзлаб филмларни томоша қилишга муваффақ бўлишади. Биргина асосий дастурнинг ўзида 200 дан ортиқ кинофилмлар мавжуд. Бундан ташқари, “Халқаро кино”, “Ҳужжатли фильмлар”, “Меҳмонлар”, “Хорижий кино истиқболлари” ва бошқа кўплаб бўлимлар мавжуд.

“Фажр” халқаро кинофестивали очилиш маросимида жуда чиройли - концерт дастури ва фестивални очувчи фильмлар премераси билан старт олади.  

Ушбу кинофестивалда йил давомида чиқарилган барча Эрон фильмлари намойиш этилади. Фақат “Фажр” халқаро кинофестивалидан кейингина кинокартиналар кинотеатрларда намойиш этилади. “Фажр” халқаро кинофестивалини бутун жаҳон кино жамоатчилиги томоша қилади. Кинофильмларни тўғридан-тўғри томоша қилиш билан бир қаторда, мутахассислар турли мавзуларда семинарлар ва муҳокамаларда қатнашадилар.

Қизиғи шундаки, “Фажр” халқаро кинофестивали нафақат Эрон пойтахтида, балки мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам ўтказилади. Кўпинча мактаб ўқувчилари ва талабалар фестивалга бепул таклиф қилинади. Мисол тариқасида Эронда ислом инқилоби ғалабасининг 25 йиллиги муносабати билан 25 минг талабага таклифномалар бепул топширилганлигини такидлашимиз мумкин.

“Фажр” халқаро кинофестивали кўплаб номинациялар бўйича тақдирлаш маросими билан якунланади.

 

    Бошқа янгиликлар