АсосийJamiyat

Ўзбекистоннинг учта ҳудудида кредит маблағларини талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланди

'Ўзбекистоннинг учта ҳудудида кредит маблағларини талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланди'ning rasmi

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қоракўл туман бўлими томонидан АТ “Халқ банки” Бухоро вилоят филиалининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилди. Бу ҳақда Департамент Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Унда “G.Ch.” фермер хўжалиги масъул шахслари ва бошқалар чорвачиликни ривожлантириш учун ажратилган 423 560 АҚШ доллари миқдоридаги кредитни сохта ҳужжатларни расмийлаштириш орқали гаров таъминотисиз қолдириб, ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Шаҳрисабз шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “K.Т.” МЧЖ раҳбари С.Қ. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, 10 нафар фуқарога иссиқхона қуриш ва тикувчилик фаолиятини йўлга қўйиш учун ажратилган 457 млн сўм кредитни расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш орқали ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Департаментнинг Олтинсой туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса тумандаги “Қ.” МФЙ бўйича собиқ ҳоким ёрдамчиси Қ.Н. 7 нафар фуқарога иссиқхона қуриш учун ажратилган 215,4 млн сўм имтиёзли кредитни ўзи норасмий бошқариб келаётган “O.C.” ва “B.T.” МЧЖларнинг ҳисоб рақамларига ўтказиб ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

    Бошқа янгиликлар