Президент йиғилишда Тошкент шаҳрида тирбандлик катта муаммога айланиб бораётгани қайд этилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Айрим кўчаларда иш кунлари ўртача 7-9 баллик, баъзан 10 баллик тирбандликлар кузатилмоқда, баъзиларига 2 карра кўп юклама тушмоқда.
Оқибатда куннинг тиғиз пайтида манзилга бориш учун 2 баробар кўп вақт сарфланмоқда.
Бош вазир ўринбосари А.Раматов, Транспорт вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлигига тизимли ёндашган ҳолда тирбандликлар муаммоси бўйича таклифларни шакллантириш ва Президентга тақдимот қилиш топширилди.
"Шаҳарсозлик ва йўл ҳаракатига масъул барча бўғиндаги раҳбарлар "Шаҳар – пиёдалар учун” деган шиорни ўзининг асосий тамойили қилиб олиши шарт.
Бунда, жамоат транспортига ҳар томонлама устунлик берилиши, автомобиллар эса ҳашаматга айланиши керак", - деди Президент.
Бундан ташқари, пойтахтдаги дренаж тизими ёғингарчилик даврида аҳоли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Шу муносабат шаҳар ҳокимлиги олдига дренаж тизимидаги энг муаммоли нуқталарда қурилиш ишларини якунлаш ҳамда 1 сентябрга қадар пойтахт дренаж тизими мастер-режасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Ўтган йилда темир йўлда вагонлар паркини янгилаш ва юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича сезиларли натижага эришилмагани кўрсатиб ўтилди.
“Ўзбекистон темир йўллари”га вагон ишлаб чиқаришни модернизация қилишга ажратилган маблағлардан унумли фойдаланиб, 1,5 мингта юк ва йўловчи вагонлари ишлаб чиқариши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
“Қўқон”, “Самарқанд”, “Тошкент” вокзаллари, “Андижон” ва “Урганч” аэропортлари бошқарувини хусусий секторга бериш масаласини ўрганиш топширилди. Шаҳрисабз, Сариосиё ва Қўқон аэродромларида таъмирлаш ишларини якунлаб, маҳаллий авиаташувларни йўлга қўйиш вазифаси қўйилди.
29.01.2024 14:27
“Қўқон”, “Самарқанд”, “Тошкент” вокзаллари, “Андижон” ва “Урганч” аэропортлари бошқарувини хусусий секторга бериш масаласини ўрганиш топширилди






