Киев Москвадан Ил-76 ҳалокатида қурбон бўлганларнинг жасадларини сўрамоқда — Россия эса сукутда. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов телемарафонда маълум қилди, дея хабар бермоқда Zamon.uz.
"Украина жасадларни топширишни сўради ва мурожаат қилишда давом этмоқда. Ҳозирча Россия томони бунга рози бўлмади. Шу боис, Украинанинг нафақат Ил-76 самолёти қулаши ҳолатлари, балки унинг ичида нималар бўлганлиги – у ерда одамлар бор-йўқлиги, ўқ-дорилар бор-йўқлиги, кимлар бўлганлиги бўйича ҳам холис халқаро тергов ўтказиш талаби долзарблигича қолмоқда", — деди Юсов.
Украина разведкаси вакилининг таъкидлашича, Россия Мудофаа вазирлиги ҳалок бўлган деб эълон қилган 65 нафар украиналик аскарнинг мақоми ўзгармаган — улар ҳамон ҳарбий асирлар саналади.
Россиянинг Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 24 январь куни Белгород вилояти яқинида ҳалокатга учраганди. Россия Мудофаа вазирлиги самолёт бортида 65 нафар украиналик ҳарбий асир бўлганини маълум қилган. Украинада улар Москва маҳбусларни ушбу самолётда ташиш ҳақида огоҳлантирмаганлигини даъво қилмоқда.






