Ушбу йилнинг январь ойи жуда илиқ бўлди. Иқлим меъёридан юқори бўлган ҳарорат деярли ой давомида сақланиб турди, дея хабар бермоқда "Ўзгидромет".
Фақат қисқа муддатга ҳавони кескин совуқ бўлиши икки марта (ойнинг ўртасида ва охирги беш кунлигида) кузатилди, бунда ҳаво ҳарорати меъёр атрофида ёки ундан бироз паст қийматларгача пасайди.
Ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан 3-4 даражага, шимолда 1-2 даражага юқори бўлган.
Ҳудуднинг катта қисмида (республиканинг шимолидан ташқари) 2024 йил январь ойи метеорологик кузатувлар тарихидаги энг илиқ январь ойлари учлигига кирди.
Энг илиқ январь ойлари рейтингида юқори ўринга эга бўлишига қарамай, бу ойда экстремал юқори ҳароратлар қайд этилмади.
Бу каби январь ойидаги илиқ ҳаво 2002, 2007 ва 2021 йилларда кузатилган.
Жорий йилнинг ўтган январь ойида ҳудуднинг катта қисмида, ҳатто энг совуқ кечаларда ҳам, ҳарорат фақат 2-4 даража совуқ, баъзи жойларда 5-6 даража совуққача (меъёрга яқин ёки ундан бироз паст) пасайди. Фақат республиканинг шимолий ҳудудларида қисқа муддатли совуқларнинг энг юқори чўққисида ҳаво ҳарорати кечалари меъёрдан 5-8 даражага паст бўлиб, 11-16 даража совуқни ташкил этган.
Тоғли ҳудудларда қор қоплами ой давомида сақланиб турган. Тошкент, Қашқадарё ва Наманган вилоятлари тоғларида ой охирига қор баландлиги 40-80 см ни, баланд тоғларда 100-120 см гачани ташкил этган. Бу кўрсаткичлар ўртача кўп йиллик ва ўтган йилги қийматларга мос бўлди, дейишмоқда мутахассислар.
Қашқадарёнинг Китоб тумани ҳокимлиги матбуот хизмати тоғ этакларидаги ҳудудларда бодом дарахтлари гуллагани акс этган фотоларни жойлади.






