Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган “Magic City” парки билан боғлиқ турли хабарларга расмий муносабат билдирилди.
"Magic City” паркини бошқарувчи “Toshkent Aquarium” МЧЖ таъсисчиси Алишер Абдувохитов ушбу хабарларни тасдиқланмаган ва асоссиз эканлигини айтди.
Унинг айтишича, парк аввалги Ўзбекистон миллий боғи негизида ташкил этилган бўлиб, қуриш ва жиҳозлаш ишларига барча инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилган. Натижада 1600 яқин иш ўрни яратилган.
"2021 йилда менга “Magic City” лойиҳасини тижорат банклари олдидаги қарздорликлари ва давлат олдидаги мажбуриятлари билан бирга сотиб олиш таклиф этилди. Банклар олдидаги қарзлар ҳозир график асосида тўлаб келинмоқда.
Айтиш керакки, “Magic City” паркини эмас, балки паркни бошқарувчи корхона сотиб олинган. Давлат билан тузилган ижара шартномаси муддати тугаганидан сўнг “MAGIC CITY” парки тўлиқ давлат тасарруфига қайтарилади.
Мен “Akfa Group” компанияси тизимида 13 йилдан ортиқ ишлаганман. Шу жумладан, ушбу паркни лойиҳалаш ва қурилишида тўлиқ иштирок этганман. Компания асосчиси Ортиқхўжаев Жаҳонгир Абидовични устозим деб биламан. Мени ўз укам эса Ортиқхўжаев Жаҳонгир Абидовичнинг куёви бўлади.
“Magic City” паркини бошқариш менга мустақил тадбиркор сифатида шаклланишимга имкон берди. Олган билим ва тажрибаларга ва жамоамизга суяниб, хизмат кўрсатишда бир қанча лойиҳаларни амалга ошириб келябмиз, дейди Алишер Абдувохитов.






