Қашқадарёда иш вақтида спиртли ичимлик таъсирида бўлган ҳамширага ”ҳайфсан” берилди. Бу ҳақда вилоят ССБ хабар қилмоқда. Маълум қилинишича, Ғузор тумани тез тиббий ёрдам станциясида ишловчи ҳамшира Озода Нурматова ижтимоий тармоқ орқали эълон қилинган мурожаатида Республика тез тиббий ёрдам марказининг Қашқадарё вилояти филиали маъмурияти ва касаба уюшма қўмитасига ўзи ишлаётган ТТЁ станцияси катта ҳамшираси Эшқувватова Нилуфарнинг устидан бир неча бор шикоят қилгани, аммо унга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаганини қайд этган.
Аниқланишича, Нурматова Озода Эшқувватова Нилуфар ва бошқаларнинг устидан бир неча бор мурожаат қилган. Мазкур мурожаатлар тегишли тартибда ўрганилиб, 2023 йил 27 ноябрда Ғузор ТТЁ станциясида ишловчи станция раҳбари Муродилла Жўраев, Нилуфар Эшқувватовага сусткашликка йўл қўйганлиги ҳамда Озода Нурматованинг ўзига иш вақтида спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги (бу ҳақида у ўз тушунтириш хатида баён қилган) сабабли “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилган.
Озода Нурматова бундан тўғри хулоса чиқармасдан иш вақтида ўз иш жойини 2 маротаба рухсатсиз ташлаб кетганлиги учун 2024 йил 23 январда унга ўртача иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима жазоси берилган.
Шунингдек, бўлимда ишлайдиган ходимлар ўртасида юзага келган носоғлом муҳитнинг олдини олмаганлиги ва бошқа бир неча камчиликларга йўл қўйганлиги учун бўлим бошлиғи М.Жўраевга ҳам худди шундай жазо қўлланилган.
Аниқланишича, Озода Нурматова катта ҳамшира Нилуфар Эшқувватовага чора кўрилишини мунтазам равишда талаб қилиб келишига ўзаро келишмовчилик сабаб бўлган.






