ДХХ ахборот хизматининг darakchi.uz'га тақдим этган маълумотига кўра, ДХХ Самарқанд вилояти Бошқармаси ҳамда ИЖҚК Департаменти ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган фаол тадбир давомида Самарқанд вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази шифокор лаборанти 1994 й.т. С.М. мансабдор танишлари орқали маҳаллий фуқарога махсус “сертификат” олиб беришни ваъда қилиб, 2.000 АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинган.
Шунингдек, фуқаролардан таъмагирлик орқали пул ундириш билан боғлиқ ҳолатлардан яна бири Самарқанд шаҳрида содир этилган.
Самарқанд давлат чет тиллари институтининг талабалари Б.Х. ва Х.М. факультет деканининг ёрдами билан 4 нафар курсдошларини инглиз, француз тиллари фанларидан бўладиган якуний давлат аттестация имтиҳонларидан ўтказиб беришни ваъда қилиб, эвазига уларнинг ҳар биридан 500 АҚШ долларидан жами 2 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилиб, олдиндан 500 АҚШ долларини олишга ҳам улгуради.
ДХХ Самарқанд вилояти Бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Б.Х фуқаро Ш.Л.дан келишилган пулнинг қолган 1 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган вақтида процессуал тартибда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда ҳар иккала ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади маълумотда.






