АсосийJamiyat

Фарғонада ЙПХ ходими билан содир бўлган ҳолат ҳамманинг ҳайратига ва олқишига сабаб бўлмоқда (видео)

'Фарғонада ЙПХ ходими билан содир бўлган ҳолат ҳамманинг ҳайратига ва олқишига сабаб бўлмоқда (видео)'ning rasmi

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Фарғонада олма ўғирлаб кетаётган болакай, дўкон эгаси ва йўл-патрул хизмати ходими ўртасидаги воқеа акс этган видео  кенг тарқалди. 

Савдо дўконининг кузатув камерасига тушиб қолган видео остидаги изоҳларда  болакай бемор онасига олма ўғирлаб кетаётгани, дўкон эгаси буни пайқаб қолиб уни тўхтатгани акс этган. Унда шу яқинда хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими  жараёнга келиб қўшилиб, ҳолатдан хабар топиб болакайга олма харид қилиб бергани кўриш мумкин. Бир қарашда  тармоқларда  тарқалган видео атайин тасвирга олинган, ҳолат ЙПХ ходимининг обрўсини ошириш мақсадида уюштирилгандек  туюлади. 

Аниқлашимизча, барчаси табиий бўлган. Воқеа бундан тахминан 20 кунлар аввал Фарғона шаҳар Соҳибқирон Темур кўчасида содир бўлган. Онасининг ёлғиз фарзанди бўлган ёш ўғил  бемор волидасига олма олиб кирмоқчи бўлган. Аммо, пули йўқлиги боис дўкондан 1-2 та олмани билинтирмай олишга қарор қилган. Дўкондор эса кузатув камераси орқали болакайни кўриб тўхтатган. Мазкур кўчада хизмат олиб бораётган ИИБ ЙПХ сафдор ходими Сардорбек Сатторов болакай ва дўкончининг суҳбатига келиб қўшилган.  

“Хизмат олиб бораётган пайтимда ёш бола ва дўкон эгаси ўртасида низоли  вазият келиб чиққаннини кўрдим. Бориб сўраганимда  болакай  бемор онасига олма олмоқчи бўлгани, ёнида пули йўқлиги учун  билинтирмай олиб кетмоқчи бўлганини айтди. Бу тўғри йўл эмаслигини  таъкидлаб, болага олма харид қилиб олиб бердим. Кейинги сафар бундай ишга қўл урмаслик кераклигини, бу каби ҳолатлар яхши оқибатларга олиб келмаслигини болага тушинтирдим”, – дейди ИИБ ЙПХ ходими, сафдор Сардорбек Сатторов. “

Инспектор бу ҳолат  кузатув камерасига тушиб қолгани, ижтимоий тармоқларга тарқалиб кетганидан хабари ҳам бўлмаган.

 “Раҳбариятимиз, ота-онам, яқинларим қилган хайрли ишим учун миннатдорчилик билдиришди. Бу борада таниган-билган, эшитганларлардан тез-тез қўнғироқлар бўлиб турибди, илиқ фикрлар билдирилмоқда”  - дейди у.  

Юқоридаги каби ҳолатлар  хайрли, савобли бўлиши билан бирга  ички ишлар ходимларини халққа янада яқинлаштиради, десак муболаға эмас. Сабаби, видеони ижтимоий тармоқларда кузатаётган фойдаланувчиларнинг аксарияти ЙПХ ходимига раҳмат айтишмоқда, унинг шаънига илиқ фикрлар билдиришяпти.


Darakchi.uz учун Фарғонадан махсус Ислом Нишонов тайёрлади

    Бошқа янгиликлар