Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Умра амалини бажариш учун Макка ва Мадина шаҳарларига келган ва Ватанга қайтиш билан боғлиқ муайян қийинчиликларга дуч келган ўзбекистонлик зиёратчилар ҳақида видеолар тарқалган эди. Шундан сўнг, Диний қўмита фуқароларни олиб келиш бўйича чоралар кўрилаётганини маълум қилди. Шунингдек, Туризм қўмитаси “Panorama airways” томонидан парвозларнинг кечикиши туфайли фуқароларнинг "Умра" сафаридан қайта олмаётганлиги юзасидан расмий муносабат билдириб, моддий ва маънавий зарар ундириб берилишини маълум қилди.
Айни пайтда Бош прокуратура ҳолат бўйича расмий баёнот эълон қилди.
Маълум қилинишича, Транспорт прокуратураси томонидан ўзбекистонликларни Умра сафаридан қайтариш чоралари кўрмаган ҳамда бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган хусусий авикомпания мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиноят иши доирасида 1 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.
"Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди", - дейилади хабарда.






