Ўзбекистонда 4 300 гектар ўрмон фонди ерлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган. Бу ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Низомиддин Бакиров маълум қилди.
Унинг қайд этишича, ўрмон фонди ерларидаги экотуризм объектлари сони 280 тага, экотуристик маршрутлар сони 38 тага, ташриф марказлари сони 5 тага етказилган. 2023 йилда олинадиган ялпи даромад 320 миллиард сўмни, ўрмон маҳсулотлари бўйича ички маҳсулот ишлаб чиқариш 8,8 триллион сўмни ташкил этган.
Мажлисда депутатлар давлат ўрмон фондидан унумли фойдаланиш, экотуризмни ривожлантириш чораларини кўриш, ўрмон фонди ҳудудидаги яйловларда чорва молларини боқиш масалаларига оид қатор саволларни ўртага ташлади. Соҳага оид фуқароларнинг мурожаатлари ҳамда қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
"Ўрмон хўжаликларидаги қонунбузилиш ҳолатлари аниқланганда доимий равишда Бош прокуратурага маълумотлар тақдим этилмоқда. Бугунги кунга қадар 243 та ҳолатда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 4 минг 300 гектар, ноқонуний қурилиш қилиш бўйича 884 ҳолатда 180 гектар, мақсадсиз фойдаланиш борасида 46 ҳолатда 112 гектар ер майдонлари аниқланган. 2017 йилдан бошлаб ноқонуний эгалланган 28 минг ер майдонларининг 25 минг гектарини қайтариб олиш чоралари кўрилди. Бундай ҳолатларни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳам кўриб борилмоқда. Масалан, 198 та ҳолатда суд органларига даъво аризалари киритилган. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан ноқонуний берилган ҳолатлар ҳам ўрганилиб, ўрмон фонди ерларини қайтариш чоралари кўрилган", – деди Н.Бакиров.
Шунингдек, Ўрмон хўжалиги агентлиги директори ўз ахборотида “Яшил макон” доирасидаги ишлар, чўл ҳудудлари деградациясининг олдини олиш, Орол ҳудудида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталди. Қайд этилганидек, Оролнинг қуриган тубида ташкил этилган яшил қопламалар натижасида ушбу ҳудудда ёғингарчилик миқдори 30 фоизга кўпайган. Ўтган йили “Яшил макон” лойиҳаси доирасида экилган кўчатларнинг 10 миллиони қуриб кетгани уларнинг лойиҳасиз экилгани, сув етиб бормагани, эгасига бириктирилмагани оқибати эканлиги таъкидланди.






