Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида ходимасига шилқимлик қилган телеканал бош муҳарририга оид иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Тошкент шаҳар суди матбуот котиби хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 27 январь куни давлат телеканалларидан бирининг бош муҳаррири ходима аёлга шаҳвоний шилқимлик қилган, бурчакка тақаб, ўпмоқчи бўлган. Аёлнинг айтишича, эркак аёлнинг устози бўлган ва бундай ҳолат анча вақтдан буён давом этиб келган. Шундан сўнг аёл ИИБга мурожаат қилган.
Ходима аёл суддан эркакка нисбатан қонуний чора кўришни ва унга етказилган маънавий зарарни ундириб беришни сўради. Бош муҳаррир юқорида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқбузарлик ҳаракатига иқрорлигини ва қилган ишидан пушаймонлигини билдирди.
Суд қарори билан эркак МЖтКнинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилда ва унга 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.






