Сифатсиз бензин сотишнинг олди қандай олинади? Бугун Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида "darakchi.uz" мухбири томонидан берилган ушбу саволига “Ўзбекнефтгаз” Бошқарув раисининг қайта ишлаш бўйича ўринбосари Одил Темиров жавоб берди.
Компания вакили ушбу муаммога тизимни рақамлаштириш орқали бартараф этиш чоралари кўрилаётганлигини қайд этди.
Мутахассисларнинг маълум қилишларича, Жамият томонидан мамлакатда илк бор Бурғилаш ишларини бошқариш маркази ташкил этилди. Айни пайтда ушбу марказ орқали Жамиятга қарашли рақамлаштирилган жами 23 та бурғилаш дастгоҳи орқали жараёнлар онлайн кузатиб борилмоқда ва таҳлил қилинмоқда. Марказлашган ташкилий-рақамли маконни яратиш компанияга қазиб чиқариш учун сарфланадиган вақтни, хусусан, қудуқларни бурғилаш муддатини 30 фоиздан ортиққа қисқартириш имконини беради.
Бундан ташқари, матбуот анжуманида табиий газни қазиб чиқариш тизимини рақамлаштиришни назарда тутувчи “E-kon” лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Ушбу лойиҳани амалга татбиқ этиш орқали конлардаги ер усти тизимлари рақамлаштирилиб, ер ости билан интеграция қилинмоқда. Айни пайтда лойиҳа доирасида барча конларда жами 4057 та босим ва ҳарорат ўлчов воситалари ҳамда 76 та алоқа станцияси ўрнатилди ва онлайн назорат тизими ишга туширилди.
Тадбирда шунингдек, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг модернизация лойиҳаси ҳақида ҳам сўз борди. Қайд этилганидек, Бухоро НҚИЗни модернизация қилиш доирасида лойиҳалаш, қурилмаларни тайёрлаш, етказиб бериш, қуриш ва ўрнатиш, созлаш ва ишга тушириш, техник хизмат кўрсатиш бўйича Хитойнинг Миллий нефть - газ корпорацияси (CNPC) ва унинг таркибий Хитой нефт муҳандислик ва қурилиш корпорацияси (CPECC) билан ҳамкорлик қилинмоқда. Технологик жараён ва қурилмаларни танлаш борасида жаҳоннинг етакчи лицензиар ташкилотлари, жумладан Франциянинг “Axens”, АҚШнинг “Honeywell UOP” ва Россиянинг “НПП Нефтехим” компанияларининг таклифлари ўрганилди.
Матбуот анжумани сўнггида журналистларни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан жавоблар берилди.






