Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида кимёга оид 30 та асарнинг 31 та қўлёзмаси мавжуд бўлиб, уларнинг 17 таси турли даврларда ёзилган кимёга оид асарларнинг аноним таржималари, қисқартма ва кўчирмаларидан иборат. Қолган 13 та асарни мазмунан шартли равишда икки турга, яъни “яширин” ёки “герметик” ҳамда рационал кимёга оид асарларга ажратиш мумкин.
Мусулмон Шарқида кимё VIII асрда шакллана бошлаган ва унинг юксалиш даври IХ – Х асрларга тўғри келади, шу вақтда кимёнинг ривожи икки йўлдан борган. Ўша давр кимёгарларининг асосий мақсади оддий металлардан сунъий йўл билан олтин ва кумуш ҳосил қилиш бўлгани боис, айрим муаллифлар ўз асарларининг чин мазмун-моҳиятини кимё санъатидан “бехабарлар”дан яшириш учун турли белги ва тимсоллардан фойдаланганлар.






