Ўзбекистонда 20 кунда 19 мингдан ортиқ одам ҳужжатсиз экани аниқланди

ЖАМИЯТ 13.02.2024, 11:18
Ўзбекистонда 20 кунда 19 мингдан ортиқ одам ҳужжатсиз экани аниқланди

Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди”ҳуқуқий акцияси  юзасидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, ўтказилаётган сайёр қабуллар ҳамда келиб тушаётган мурожаатлар таҳлил қилинганда айрим фуқароларнинг туғилиши қайд этилмаганлиги натижасида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга эга эмаслиги кўплаб муаммоларга сабаб бўлаётганлиги аниқланди.

Фуқароларда ўзининг шахсига доир ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги уларнинг жамиятда тўлақонли муносабатга кириша олмаслигига, ўзининг қонун билан белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларидан тўла даражада фойдаланиш имкониятининг чекланишига сабаб бўлган.

Ҳуқуқий акцияда:

– туғилиши қайд этилмаган ва фуқаролик паспорти ёки ID-картаси мавжуд бўлмаган шахсларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш;

– ҳуқуқий муаммоси мавжуд ёки ҳуқуқий ёрдамга муҳтож аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш;

– рўйхатдан ўтказилмаган тадбиркорлик субъектларини ёки давлат рўйхатидан ўтказилмаган кўчмас мулкларини рўйхатдан ўтказишга кўмаклашиш ва бошқа хизматларни кўрсатиш назарда тутилган.

Ҳуқуқий акция доирасида дастлабки 20 кун давомида 19 872 нафар шахслар тегишли ҳужжатларга эга эмаслиги ҳолатлари аниқланди.

Улардан, 16144 нафар шахсларга тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб берилди, Хусусан, 609 нафарининг туғилиши қайд этилиб гувоҳнома берилган бўлса, 2 665 нафарига туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳнома расмийлаштирилди, 1 232 нафар қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келаётган фуқароларнинг никоҳи қонуний равишда қайд этиб берилди.

Шунингдек, 249 124 нафар шахсларга электрон рақамли имзо бериш, “Mobile-ID” дан рўйхатдан ўтказиш, кадастр паспортини шакллантириш ва бошқа турдаги давлат хизматлари сайёр шаклда кўрсатилди.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1