АсосийJamiyat

Тошкентда ўтказилган рейдда ноқонуний қурилиш объектлари масъулларига чора кўрилди

'Тошкентда ўтказилган рейдда ноқонуний қурилиш объектлари масъулларига чора кўрилди'ning rasmi

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан ОАВ вакиллари ҳамкорлигида ташкил этилган рейд тадбирлари Чилонзор тумани Чўпонота кўчаси 14-уй манзилида "Leader house building" МЧЖ томонидан қурилаётган объектни ўрганиш ишлари билан давом этди.

Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Мавжуд савдо дўкони биносини ертўла қисмида автотураргоҳ ташкил қилиш шарти билан 1-2-қаватлари  савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси бўлган ўрта қаватли турар-жой биносига қайта ихтисослаштириб, реконструкция қилиш объектининг қурилиш-монтаж ишлари Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясидан тегишли тартибда рўйхатдан ўтмасдан туриб амалга оширилган.

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 99-моддаси 7-қисмида назарда тутилган қонун бузилиш ҳолати аниқланганлигидан келиб чиқиб, ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан қурилиш ишларига маъсул раҳбар ўринбосарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 августдаги 496-сонли қарори билан белгиланган талаб асосида ёзма кўрсатма расмийлаштирилган ҳамда кўрсатма талабларини ўз вақтида бажармагани учун Ўзбекистон Республикаси МЖКтнинг 99-моддаси 7-қисми бўйича 2022 йил 3 ноябрда маъмурий жазо қўлланилган.

Шунга қарамай “Leader house building” МЧЖ томонидан яна қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги аниқланган ҳамда инспекция томонидан 2022 йилнинг 2 февралида 309-сонли ёзма кўрсатма расмийлаштирилган. Кўрсатма талабларини ўз вақтида бажармагани учун 2023 йил 30 мартда МЧЖ раҳбар ўринбосарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖКтнинг 99-моддаси 7-қисми бўйича маъмурий жазо қўлланилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 579-сонли қарори 1-иловаси "Объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатларининг лойиҳавий ечимларини шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида"ги низомнинг 5-бандига кўра шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларининг техник қисми, яъни бино-иншоотнинг зилзилабардошлиги ҳамда энергия самарадорлик кўрсаткичлари ёнғин хавфсизлиги талаблари юзасидан мажбурий экспертизадан ўтказилиши лозим бўлсада, “City Stroy project” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган ишчи лойиҳа ҳужжатлари экспертиза кўригидан ўтказилмаган.

Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан қўйилган талабларни бажармасдан ШНҚ ва ҚМҚ талабларини қўпол равишда бузган ҳолда Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Чўпонота кўчаси 14-уй манзилида қурилиш-монтаж ишларини давом эттираётган “Leader house building” МЧЖ маъсул раҳбарларига нисбатан Тошкент туманлараро Иқтисодий судига даъво аризаси киритилган.

 

    Бошқа янгиликлар