Оиласини ҳалол ризқ билан боқиш учун Туркияга келган Ўзбекистон фуқароси ўз ватандошига яхшилик қиламан деб қамалиб қолди.Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси хабар қилди.
Маълум қилинишича, Истанбул шаҳрининг Малтепа қамоқхонасида “ашёвий далилларни йўқ қилиш ёки ўзгартириш” айби билан 33 ёшли Ўзбекистон фуқароси Д.А. сақланмоқда.
Бош консулхона ходимлари томонидан у билан ташкил қилинган суҳбат давомида маълум бўлишича, 2023 йилнинг сентябрь ойи охирларида ўзбекистонликс25 ёшли М.А. ундан уйидаги чиқиндиларни олиб чиқишда ёрдам сўраган.
Бир нечта полиэтилен халталар ва қоплар орасида катта гилам ҳам бўлиб, Д.А. ва М.А. уни чиқиндихонага олиб бориб ташлаганлар. Бироқ, Д.А. гилам ноодатий тарзда оғир эканлигини пайқаб қолиб, М.А.дан гиламнинг ичида нима борлигини сўраганида М.А. гилам ичида турли чиқиндилар бор деб жавоб берган ва дарҳол воқеа жойидан қочиб кетган.
Кейинчалик ушбу гилам ичида Туркия фуқаросининг жасади бўлганлиги аниқланиб, ҳар иккала ватандошлар полиция томонидан қўлга олинганлар.
Ҳозирда М.А. “қасддан одам ўлдириш”, Д.А. эса “ашёвий далилларни йўқ қилиш ёки ўзгартириш” айби билан терговга жалб этилган.
Ҳозирда фуқаро Д.А.га консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда. Фуқаро М.А. эса консуллик-ҳуқуқий ёрдамдан воз кечиб, Бош консулхона ходимлари билан учрашишдан бош тортмоқда.






