1

Тошкентда ёш болани зўрлаган эркак 16 йилга қамалди

ЖИНОЯТ 15.02.2024, 19:21
Тошкентда ёш болани зўрлаган эркак 16 йилга қамалди

Бугун Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида 2017 йилда туғилган болага нисбатан содир этилган жинсий жиноят (ЖКнинг 119-моддаси, 4-қисми) юзасидан ёпиқ суд бўлиб ўтди. Болалар омбудсмани  суд процессида боланинг қонуний манфаатлари нуқтаи назаридан иштирок этди.

Суд мазкур оғир жиноятни ҳар томонлама, холисона ўрганган равишда, ишдаги далиллардан ва иш учун аҳамиятли бошқа ҳолатлардан келиб чиқиб, судланувчини айбли деб топди ҳамда унга амалдаги қонун доирасидаги қатъий жазо чораси – 16 йил озодликдан маҳрум қилиш (қаттиқ тартибдаги колонияларда ўташ) жазосини тайинлади.

"Эътиборлиси, бундай тоифадаги жиноятлар учун жавобгарликнинг янги тартибига биноан, мазкур ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг маҳкумга нисбатан жазони юмшатиш ҳеч бир чораси қўлланилмайди ва у жазони тўлиқ ўтайди.  

Бугунги кунда судларимизда бола ҳуқуқларини ишончли таъминлаш борасида алоҳида қатъият ва боланинг энг устун манфаатларини ҳимоя қилишга устуворлик ёндашуви мустаҳкамланиб бораётганлиги ниҳоятда муҳимдир. Бундай ёндашув янада барқарор давом этиши зарур!

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, болаларга нисбатан содир этилаётган бу тоифадаги жинсий жиноятларни, шу жумладан, мазкур иш материалларини ўрганиш ҳам шуни кўрсатаяптики, афсуски, бундай қабиҳ жиноятларни содир этишда жиноятчиларга боланинг айни пайтдаги қаровсизлиги, бегона шахсга ишонувчанлиги ва ундан мутлақо ҳайиқмаслиги каби ҳолатлар қўл келмоқда.

Фарзандларимизни бундай мудҳиш вазиятлардан асраш учун, энг аввало, кичик ёшдаги болажонларни имкон қадар катталар қаровисиз қолдирмаслик лозим. Шу билан бирга, болага ҳар қандай ҳолларда ҳам бегоналар билан суҳбатлашмаслик, агар шундай хавф бўлса, биринчи навбатда, ўзини қандай тутиш ва нима қилиш зарурлиги бўйича оддий қоидаларни ўргатайлик. Бундай кўникмалар болада уйда ҳам, боғча ва мактабда ҳам бирдек шакллантирилиб борилиши зарур", дейилади Болалар омбудсмани хабарида.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1