АсосийJamiyat

Ўзбекистондаги метан заправкалар фаолияти вақтинча чекланади

'Ўзбекистондаги метан заправкалар фаолияти вақтинча чекланади'ning rasmi

Ўзбекистондаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига қисқа муддатли чекловлар киритилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Республика ҳудудларида ҳаво ҳароратининг пасайиши натижасида магистрал газ қувурларида босимнинг камайиши ҳолатлари кузатиляпти. Шуни инобатга олган ҳолда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида республикадаги барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига қисқа муддатли чекловлар киритилмоқда.

Қайд этилишича, мазкур чекловларни ҳисобга олган ҳолда республикадаги барча бензин заправкаларга автобензин маҳсулотларини қўшимча миқдорларда етказиб берилиши таъминланади.

Вазирлик истеъмолчилардан етказилган ноқулайликлар учун узр сўраган ҳолда, вазият барқарорлашгунга қадар имкон қадар тежамкорликка риоя қилишларини сўради. Газ заправкалар фаолиятида ўзгаришлар кузатилса, қўшимча маълумотлар берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятидаги    ”Газли“ магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли бир нечта газ ҳайдаш агрегатлари фаолиятида қисқа муддатли узилиш кузатилганди.

    Бошқа янгиликлар