Самарқандда "Ипак йўли" халқаро туризм ва маданий мерос университети талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида иштирок этган Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ўзининг талабалик даврларини эслади, дея хабар берди "darakchi.uz" мухбири.
16 февраль куни Самарқандда "Ипак йўли" халқаро туризм ва маданий мерос университети талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди.

Дастлаб меҳмонлар "Эл мерос" мажмуаси ҳамда "Шарқнинг буюк алломалари ва мутафаккирлари" хиёбони лойиҳалари билан танишишди. Вазир туристлар учун ҳар томонлама қулай маскан яратиш лозимлигини таъкидлади.
"Туристлар бу мажмуада миллий либосларимиз, санъатимиз, ҳунармандчилигимиздан баҳраманд бўлишлари мумкин. Шунингдек, ўзлари ҳам истаган санъат турлари билан шуғулланиш имкониятига ҳам эга бўладилар. Мақсадимиз ҳар томонлама қулай маскан барпо этиб, ички ва ташқи туризмни янада ривожлантириш, юртимизга келадиган хорижлик сайёҳлар сонини оширишдир", — деди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов.
Тадбир давомида, 400 ўринга мўлжалланган талабалар ётоқхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.


“Хабарингиз бор, бизнинг университетимизда 17 та давлатдан 100 дан ортиқ хорижлик талабалар таҳсил олади. Яхши биласизлар мен ҳам Японияда ўқиганман лекин, ётоқхоналари бу даражада эмасди. Ушбу ётоқхонанинг ҳар бир хонасида етарли шароитлар яратилган. Ҳар бир қаватида ошхонаси бор. Ўзим кўриб талабалик давримни эсладим".— деди Азиз Абдуҳакимов.
Маълумот учун, айни дамда "Ипак йўли" халқаро туризм ва маданий мерос университетида жами 3000 га яқин талаба таҳсил олади.





