АсосийJamiyat

Сохта “психолог”лар фаолиятини тартибга солиш шарт

'Сохта “психолог”лар фаолиятини тартибга солиш шарт'ning rasmi

2023 йил 21 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистонда аҳолига психологик ёрдам кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари” мавзусидаги давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда таъкидланишича, мамлакатимизда психология соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш ҳамда амалиётчи психологлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда мактабгача таълим тизими ва халқ таълими тизимида педагог-психолог лавозимлари жорий этилган. Кўплаб олий таълим муассасаларида “Психология”, “Педагогика ва психология” таълим йўналишлари ташкил этилиб, ушбу соҳадаги қабул квоталари кескин оширилди.

Давра суҳбатида соҳани ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар кўламига қарамасдан жамиятда ижтимоий-психологик, жумладан, оилавий муаммолар, “оммавий маданият”нинг салбий таъсирларига тобелик ҳолатлари учраб турганлиги, шунингдек етарлича билим-малакага эга бўлмасдан туриб, “психолог” мақомини ноқонуний ўзлаштириб олаётган шахсларнинг фаолияти оммалашиб бораётганлиги қизғин муҳокама қилинди.

Мутахассислар томонидан қайд этилганидек, ижтимоий тармоқлар орқали ўзини “психолог” сифатида таништираётган ва бу турдаги хизматларни тақдим этаётган шахслар авваламбор, мазкур йўналишда олий таълимга эга бўлиши ҳамда психологик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқини берувчи тегишли ҳужжатга эга бўлишига оид талабни қонунчиликда белгилаш лозим. Бундан ташқари, “психологик хизмат” тушунчаси ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар билан белгилаб қўйилмагани ва амалиётчи психологлар реестри мавжуд эмаслиги улар фаолиятини назорат қилишда қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Шунингдек, айрим олий таълим муассасаларида ташкил этилган қисқа муддатли “Психологларни тайёрлаш” курслари тижоратга айланиб кетаётгани танқид остига олинди.

Тадбир иштирокчилари психолог-мутахассисларни тайёрлаш ва лицензиялаш борасидаги хорижий тажрибани таҳлил қилишди. Хусусан, Европа мамлакатларида психологик таълим даври 3 йилдан 5 йилгача бўлган муддатни ташкил этишини қайд этишди. Давра суҳбатида, шунингдек, амалиётчи-психологларнинг фаолиятини лицензиялаш масаласи ҳам қизғин муҳокама этилди.

Давра суҳбатида аҳолига малакали психологик ёрдам кўрсатишга доир фаолиятни тартибга солишга қаратилган қонунларни ишлаб чиқиш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.

    Бошқа янгиликлар