Куни кеча Бутунжаҳон гидлар куни муносабати билан “VII Ўзбекистон гидлари халқаро форуми – 2024” бўлиб ўтди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар берди.
"2023 йил 30 ноябрьда гид-таржимонлар учун муҳим бўлган ҳукумат қарори қабул қилинди. Қарор билан гид-таржимонларга малака сертификатларни бериш бўйича давлаь хизматини амалга ошириш регламенти тасдиқланди.
Эндиликда гид-таржимонларимиз малака сертификатини ошириш учун аризалар ҳамда малака имтиҳонларини ўз ҳудуларида топшириш имконияти яратилди. Бугунги кунда Туризм қўмитаси олдида амалга ошириш керак бўлган бир қанча устувор вазифалар турибди. Жумладан, жорий йилда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида маҳаллий сайёҳлар сонини 22 млн нафардан ошириш, ҳорижий сайёҳлар сонини эса 10 млнга етказиш бўйича соҳа олдида долзарб вазифалар қўйилган”, - деди Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев форумнинг очилиш маросимида.
Шунингдек тадбирда иштирок этган Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов:
“Биринчи навбатда туристик салоҳиятни ўрганишимиз керак, янги туристик объектларни топишимиз керак, бор материалларни 12 та тилга таржима қилишимиз керак, ва келажакда ҳар қандай туристни шу ерда юқори, сифатли хизмат кўрсатишни ташкил этиш керак. Яъни, гидлар билан биз “қўлни-қўлга бериб” ишлашимиз керак.
Лекин, афсус гидлар ҳар-ҳил маълумот беради. Шунинг учун биз ОТМ бўладими, Туризм қўмитаси томонидан тайёрланган услубий қўлланмалар бўлиши керак ва бир ҳи маълумотларни биз тарқатишимиз керак”, дея таъкидлади.
Форум доирасида “Экскурция фаолияти: таълим, фан ва амалиёт симбиози” халқаро илмий-амалий конференцияси, шунингдек, “Зиёрат туризми: экскурция фаолияти учун мутахассислар тайёрлашга қўйиладиган талаблар” ва “Музейшунослик: экскурция фаолияти учун мутахассислар тайёрлашга қўйиладиган талаблар” мавзуларида давра суҳбатлари ташкил этилди.
“VII Ўзбекистон гидлар халқаро форуми – 2024” икки кун давомида 300 дан ортиқ иштирокчилар, тажрибали гидлар (экскурция етакчилари), гид-таржимонлар, йўриқчи-йўл бошловчилар, туризм саноатидаги хорижий ва маҳаллий мутахассислар, давлат органлари, илмий ва таълим доиралари вакиллари учрашуви учун жонли мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
Форумда Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Литва, Россия Федерацияси, Тожикистон, Туркия ва бошқа давлатлардан хорижий меҳмонлар иштирок этди.






