Россиянинг тўрт ҳудудидаги ўзбекларга моддий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Бу ҳақида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар бермоқда.
Москвадаги “ГЕС Констракшн”, Краснодардаги “Спес Строй Кубан” корхоналарида ишлаётган ўзбекистонликлар ҳамда уларнинг иш берувчиси билан учрашувлар ташкил этилгани маълум қилинди.
Унда хорижий ишчи кучига эҳтиёжи мавжуд корхоналарга ташкилий тарзда Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилиш имкониятлари тўғрисида фикр алмашилди.
Фуқаролар билан учрашувда Ўзбекистонда миграция соҳасида қабул қилинаётган янги қарор ва қонунчилик нормалари, чет элда меҳнат қилиш учун яратилаётган шароит ва қулайликлар тўғрисида маълумотлар берилди. Уларнинг яшаш ва иш шароитлари ўрганилди.
Санкт-Петербург, Нижневартовск, Волгоград ва Екатеринбургда мураккаб вазиятда қолган юртдошларга моддий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.






