1

Президент IT-хизматлар экспортини ошириш бўйича таклифлар билан танишди

ЖАМИЯТ 22.02.2024, 22:24
Президент IT-хизматлар экспортини ошириш бўйича таклифлар билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 22 февраль куни IT-хизматлар инфратузилмаси ва экспортини ривожлантиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди. 

Бу ҳақда ўтган йили 20 декабрь куни Рақамли технологиялар вазирлигида бўлган видеоселектор йиғилишида топшириқ берилган эди.

Ҳозирги кунда IT-парк резидентлари сони 1 минг 700 тага етиб, уларда 26 минг нафар ходим фаолият кўрсатмоқда. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида резидентлар сонини 10 баробар ошириб, улардаги иш ўринларини 100 мингтага етказиш, соҳада экспорт ҳажмини 5 миллиард долларга олиб чиқиш белгиланган.

Шу мақсадда, ҳудудларга IT-экспортчи ташкилотларни кенг жалб қилишга қаратилган “Zero Risk” дастурини қўллаш таклиф этилмоқда. Бу дастурда иштирок этувчи корхоналарга IT-парк тавсияномаси асосида бўш турган давлат бинолари 1 йилгача муддатга текин фойдаланишга берилади. Бу муддат тугагач, тўғридан-тўғри шартнома тузилади. IT-парк томонидан техника ва жиҳозлар 1 йилгача муддатга текин фойдаланишга берилади.

Бу корхоналар фаолиятини ривожлантириши учун ҳам қатор имтиёзлар назарда тутилмоқда. Жумладан, ушбу дастур бўйича корхоналарга ходимларни ишга олиш ва малакасини ошириш харажатлари 50 фоизгача қоплаб берилади.

Маҳаллий IT-компанияларни халқаро миқёсга олиб чиқиш бўйича “Local to Global” лойиҳаси амалга оширилади. Унга кўра, маҳаллий IT-компанияларнинг жаҳон бозорига чиқиши, халқаро кўргазмаларда қатнашиши, хорижий экспертларни таклиф этишида харажатларнинг 50 фоизгача қисми қоплаб берилади.

Тақдимотда “рақамли инклюзивлик” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳам ахборот берилди. Ёшлар, аёллар ва ногиронлиги бўлган шахсларда IT-хизматлар кўрсатиш кўникмалари шакллантирилади. Натижада 9 мингта иш ўрни яратилиши, жумладан, 5 мингга яқин аёллар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлиги таъминланиши мўлжалланган.

Умуман, “рақамли инклюзивлик” лойиҳаси натижасида 25 минг нафар шахсни иш билан таъминлаш ҳисоб-китоб қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, қўшимча кўрсатмалар берди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1