Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига кўрсатилаётган хизматларни очиқлиги ва шаффофлигини янада кучайтириш, ногиронлиги бўлган шахсларни бандлигига кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш юзасидан мамалкатимизда долзарб ишлар амалга оширилмоқда.
Республика бўйича жами 1,0 млн нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд. Шундан, 700 мингдан ортиғи меҳнат лаёқати ёшидаги ногиронлиги бўлган шахслардан иборат.
Бугунги кунга келиб ногиронлиги бўлган шахсларни бандлигини таъминланган тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан кўплаб имтиёзлар берилмоқда.
Биргина, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир ходим учун 6 ой давомида субсидия маблағлари ажратилиши ёки иш ўринларини ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштириш маблағлари бюджет ҳисобидан қоплаб берилиши яққол мисол бўлиши мумкин.
Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган йиғилишда ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратиш ҳамда уларни бандлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш юзасидан бир нечта вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, вазирлик ва ҳудуд раҳбарларига йил якунига қадар барча бюджет ташкилотларига 20 минг нафар, банкларга камида 1 минг нафар ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилиш топшириғи берилди.
Ижтимоий ҳимояга миллий агентлиги ҳам ушбу топшириқлардан келиб чиқиб ўзининг устувор вазифаларини белгилаб олди.
Ногиронлиги бўлган шахсларни ўқиши, касб-ҳунар ўрганиши ва ишга жойлашишида тўсиқсиз муҳит яратиш мақсадида ногиронликни касалликка қараб эмас, балки шахснинг мустақил ҳаракати, мулоқот қобилияти ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокига қараб белгилаш тизимигм жорий қилинади;
Ногиронлиги бўлган шахслар учун иш берувчилар томонидан мажбурий иш ўринларини захиралаш тизими тубдан қайта кўриб чиқилади ва хориж тажрибасига таяниб такомиллаштирилади;
Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш мақсадида қўшимча инструментлар жорий қилинади.
Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир ногирон учун бюджет маблағлари ҳисобидан иш ўринларини мослаштириш тизими янада такомиллаштирилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳаётда ўз ўринларини топиши, жисмоний ҳолатининг реабилитация қилиниши ҳамда жамиятга ижтимоийлашувида спортнинг ҳам ўрни жуда катта.
Хусусан ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб қилиш қамровини ошириш ҳамда уларга шарт-шароит яратиш мақсадида Ногиронлиги бўлган шахслар учун Спортни ривожлантириш ассоциацияси ташкил этилиши ҳамда Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси, Ўзбекистон карлар спорт федерацияси, Ўзбекистон кўзи ожизлар спорт федерацияси ва Ўзбекистон махсус Олимпиадаси Республика жамоат бирлашмаси Ассоциация таркибига киритилиши натижасида ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб қилиш бўйича миллий тизим яратилиши ҳам белгиланди.
Мазкур Ассоциясияни ташкил этилишидан асосий мақсад барча касаллик турларидаги ногиронлиги бўлган шахсларни спорт билан шуғулланишлари учун тенг шароит яратиш,
Республикадаги барча спорт мажмуаларини ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштириш, улар билан ишлайдиган малакали тренер ва мутахассисларни тайерлаш,
Ҳудудларда ногиронлар спорт гурухларини ташкил этиб, оммавий спорт тадбирларини, жумладан, маҳаллалардаги ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида “Беш ташаббус” лойиҳаси асосида спорт мусобақаларини доимий равишда ўтказиш тизимини жорий қилишдан иборатдур.
Зулайхо Камалхаджаева,
Ижтимоий химоя миллий агентлиги бош мутахассиси






