1

Президентга Тошкентни ривожлантириш лойиҳалари юзасидан ахборот берилди

ЖАМИЯТ 27.02.2024, 20:21
Президентга Тошкентни ривожлантириш лойиҳалари юзасидан ахборот берилди

Президент Шавкат Мирзиёевга 27 февраль куни Тошкент шаҳрида саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари ҳамда инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан ахборот берилди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан унумли фойдаланиш, ҳудудларнинг туризм салоҳиятини рўёбга чиқариш, аҳолининг уй-жой шароитлари ва шаҳарлар инфратузилмасини яхшилаш бўйича қатор мақсад ва вазифалар белгиланган.

Бугунги йиғилишда бу борадаги ишларни пойтахтда ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, тадбиркорлик субъектларининг инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни соддалаштириш мақсадида Тошкент шаҳрида акциядорлик жамияти шаклида “Тошкент инвест компанияси” ташкил этилган. Компания бўш ер участкалари негизида инвестиция лойиҳалари ва давлат-хусусий шериклик, шу жумладан реновация лойиҳаларини амалга ошириш билан шуғулланади.

Шу муносабат билан давлат-хусусий шериклик шартларида лойиҳаларни амалга оширишнинг соддалаштирилган тартиби, пойтахтда реновация лойиҳаларини амалга ошириш тартиби, “ҳаётий давр шартномаси” асосида ҳамкорлик қилиш тартиби тасдиқланмоқда. 

Тақдимотда Янгиҳаёт туманининг саноат салоҳиятини ошириш ва юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилиши режалаштирилган “Янги авлод” махсус саноат зонаси тўғрисида ахборот берилди. 664,5 гектар майдонни эгаллайдиган саноат зонаси ҳудудида яқин йилларда 1,5 млрд доллар миқдорида тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини ўзлаштириш, 2,5 мингта янги иш ўринларини яратиш, йилига 1 триллион сўмдан ортиқ саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва 5 миллион доллар миқдорида экспорт амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Пойтахтда туризм хизматлари ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

Шу мақсадда Тошкентнинг Миробод, Олмазор, Чилонзор, Учтепа, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Яккасарой ва Яшнобод туманларида тегишли чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш режалаштирилган. Дастурда “Гастрономик туризм” ва “ҳунармандлар” кўчаларини ташкил этиш, замонавий савдо-сервис объектлари ва меҳмонхоналар қуриш, каналлар бўйида яшил ва дам олиш ҳудудларини барпо этиш кўзда тутилган.

Бу борадаги ишларни маҳалла даражасида ташкил этиш, бунда маҳаллаларнинг ўсиш нуқталарини аниқлаб, муайян фаолият турига ихтисослаштириш ва ҳудудларни кўкаламзорлаштириш бўйича “Андижон тажрибаси”дан кенг фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари тақдим этилган ҳужжат лойиҳалари ва таклифларни маъқуллаб, уларнинг ижросини сифатли ва самарали ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга қатор топшириқлар берди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1