АсосийJamiyat

Дастлабки режалар етарли эмас. Мутасаддилар ўтган йилдан сабоқ чиқариш керак

'Дастлабки режалар етарли эмас. Мутасаддилар ўтган йилдан сабоқ чиқариш керак'ning rasmi

2024 йилда электр ишлаб чиқаришда “яшил энергия” улуши 15 фоизга етиши кутилмоқда. Бу ҳақида Президент ўтказаётган йиғилишда маълум қилинди.

Йиғилишда эришилган натижалар билан бир қаторда мавжуд имкониятлар барча ҳудудларда ҳам тўлиқ ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди.  

Бу борада 2024 йил учун дастлабки режалар етарли эмаслиги қайд этилди. Мутасаддилар ўтган йилдан сабоқ чиқариб, бу йўналишда икки карра кўп ишлаши ва аниқ натижа кўрсатиши кераклиги таъкидланди.

Президент жорий йилдан бошлаб йирик “яшил энергия” қувватларини барпо этиш бўйича уч йиллик дастурни амалга оширишга ўтилишини таъкидлади.

Сабаби, энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлаш учун янги қувватларга мос тармоқларни қуриш, электр сақлаш қурилмаларини ўрнатиш, зарур материалларни ишлаб чиқаришни режа қилиб, ҳозирдан бошлаш керак.

Шунинг учун аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари талабидан келиб чиқиб, келгуси уч йилда 8 гигаваттли 28 та йирик қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш, 944 километр юқори кучланишли электр тармоқлари ва 6 та йирик подстанцияни қуриш, жами 2,2 гигаватт бўлган 18 та электр сақлаш қувватларини ўрнатиш мўлжал қилиб олинди, - деди давлат раҳбари.

Энергетика вазирлигига жорий йилда ишга туширилиши режалаштирилган 14 та станция қурилишини жадаллаштириш топширилди.

Булар - Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона вилоятларида 2 гигаваттли 11 та қуёш, Бухоро ва Навоий вилоятларида 600 мегаваттли 3 та шамол станцияси.

Ушбу станцияларни барпо этиш доирасида 500 километр юқори кучланишли электр тармоқлари қурилади. Янги йирик станцияларни тармоққа улаш учун 5 та подстанция кенгайтирилади.

Жойларда қуёш панелларини ўрнатиш бўйича ишларни янада кенгайтириш, аҳолининг “яшил” энергиядан фойдаланиш борасидаги интилишларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.

Бу мақсадларга қўшимча 50 миллион доллар ресурс ажратиш, хорижий инвесторлар билан музокаралар ўтказиб, яна 100 миллион доллар жалб қилишга кўрсатма берилди.

Тадбиркорларга қуёш энергияси қувватларини жорий этишда манфаатдорлигини ошириш учун қўшимча енгилликлар яратилиши белгиланди.

 

    Бошқа янгиликлар