Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш ва ривожлантиришга масъул бўлган ходимларига устама тўлаш аҳволи мониторинг қилиш орқали ўрганилганда мазкур ходимларга ҳар ойлик устама ҳақи лозим даражада тўланмасдан келаётганлиги аниқланди. Бу ҳақида Самарқанд вилоят адлия бошқармаси darakchi.uz га маълумот берди.
Хусусан, Каттақўрғон туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимида замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш ва ривожлантиришга масъул бўлган ходими Э.И. 2019 йил 1 ноябрда 75-сонли буйруқ асосида ишга қабул қилинган бўлиб, 2022 йил 1 январдан 2023 йил 31 декабргача бўлган даврда жами 58 миллион 808 минг 589 сўм устама пуллари тўлаб берилмаганлиги аниқланди. Ҳудди шу каби ҳолат, ушбу ташкилотнинг бошқа ходимлари билан ҳам такрорланган. Хусусан, М.Ш. 72 миллион 513 минг 181 сўм, Н.К. эса 19 миллион 365 минг 884 сўм устама пулларини ололмай келган.
Қонунчиликка биноан, 2018 йил 1 июндан ушбу соҳа ходимларига бериладиган ҳар ойлик устама миқдори давлат бюджетидан, давлат бюджетидан ажратилмаган бўлса, ушбу ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ходим лавозим маошидан 100 фоиздан кам бўлмаган миқдорда берилиши, шунингдек, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ихтисослаштирилган бўлинмаларнинг штатдаги ходимларига устамалар ходим лавозим маошининг камида 100 фоиз миқдорда белгиланиши зарур.
Қайд этиш жоизки, 2023 йил давомида олиб борилган мониторинглар натижаси вилоятдаги биригина тиббиёт бирлашмалари ва ММТБда ишлаётган мазкур соҳа ходимларига жами 576 миллион 784 минг 916 сўм устама пуллари тўланмаганини кўрсатди. Жумладан, туман тиббиёт бирлашмалари томонидан жами 26 миллион 516 минг 465 сўм, мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари томонидан эса 442 миллион 341 минг 298 сўм устама пуллари ушлаб қолинган. Пайариқ, Булунғур туман тиббиёт бирлашмаси, Каттақўрғон, Иштихон, Нуробод, Пайариқ, Булунғур, Жомбой туман ҳамда Самарқанд шаҳар ММТБ шулар жумласидан.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан юқорида номлари келтирилган ташкилотлар раҳбариятига тақдимномалар киритилган.






