Рақамли технологиялар вазирлигида “Korea Softvare Industry” ассоциацияси раиси Чонг Ок-Раэ бошчилигидаги Корея Республикасининг IT компаниялар вакилларидан иборат делегацияси билан IT таълимни ривожлантириш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда IT компаниялар билан ҳамкорлик йўлга қўйиш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистонда махсус IT университет ташкил этиб, талабаларга амалиётга асосланган сифатли таълим бериш орқали ёшларни Кореянинг IT бозорида юқори талабга эга бўлган касбларга ўқитиш, Корея компанияларида амалиёт ўташ имкониятини тақдим этиш ҳамда Корея ва бошқа мамлакатларга IT хизматларни экспорт қилишни йўлга қўйиш таклифлари билдирилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда IT таълимни ривожлантириш ва IT хизматлар экспортини ошириш мақсадида ҳукумат томонидан IT компания ва IT таълим марказлари учун яратилган шароитлар, солиқ имтиёзлари ва амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида тақдимот ўтказилди.
Маълумот ўрнида, “Korea Softvare Industry” ассоциацияси 1988 йил Корея Республикасининг дастурий таъминот саноати мустаҳкам ўсиши ва ривожланишини қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган бўлиб, ҳозирда ассоциацияга Корея Республикасида 1200 та IT ва дастурий таъминот компаниялари аъзо.