Президент бугун муҳокама қилинадиган тадбирларга 1,1 миллиард доллар ва 10 триллион сўм йўналтирилаётганини таъкидлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хоразмда кичик ва ўрта бизнесни янада қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли шартларда 100 миллион доллар ажратилиши белгиланди. Бунинг ҳисобидан 5,5 минг тадбиркорга кўмак берилиб, 50 мингта доимий иш ўрни яратилади.
Амударё устидан янги кўприк қурилиши кўп йиллик муаммони ҳал қилди. Энг муҳими, аҳолини 2 соат вақти тежаладиган бўлди, темир йўлда юк ташиш харажатлари 1 та вагон учун 600 минг сўмга арзонлашаяпти.
Бу – табиий хомашё захиралари кам бўлган Хоразм тадбиркорлари учун янги имконият, саноат ва хизматлар учун эса жуда катта туртки.
Кеча Президент хорижий инвесторлар билан учрашиб, уларни 700 миллион долларлик лойиҳалари билан танишди. Шунингдек, маҳаллий тадбиркорларнинг ҳам 200 миллион доллар инвестиция киритиш таклифлари кўриб чиқилди.
Саноат учун аввало барқарор энергия манбалари зарур.
Бошқа вилоятлардаги каби Хоразмда ҳам кеча Франциянинг машҳур “Вольталиа” компанияси билан ҳамкорликда илк бор 100 мегаваттли қуёш электр станцияси қурилишига старт берилди.






