Рамазон ойида Хоразмдаги 2 минг нафар бола эшитиш мосламаси билан таъминланади. Бу ҳақида Президент томонидан Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари юзасидан ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Давлатимиз раҳбари ушбу муборак ойда эҳтиёжманд инсонлар, айниқса фарзандларимиз ҳолидан хабар олиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳимлигини қайд этди.
Шу боис, эшитишда нуқсони бор 500 нафар болага бепул кохлеар аппарати ва бошқа имплантлар қўйиш учун 62 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Яна 2 минг нафар бола эшитиш мосламаси билан таъминланади.
Паралимпия спорт турлари билан шуғулланаётган хоразмлик 10 нафар ёшларга 7 турдаги замонавий спорт протез ва реабилитация воситалари олиб берилади.






