Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров вафот этди. Ушбу маълумотни darakchi.uz’га Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов тасдиқлади.
Маълум қилинишича, жазони ижро этиш департаментига қарашли маҳкумлар учун мўлжалланган касалхонанинг терапия бўлинмасида даволанаётган маҳкум Ҳайдаров Бахромжон бугун, 5 март куни соат 00:15 атрофида касаллиги сабабли вафот этган.
Собиқ ҳокимнинг ўлимига юрак ишемик касаллиги зўриқиш стенокардияси ФС-III, ИККС. Коронар қон томирлар стентлаш оперциясидан кейинги ҳолат. Гипертония касаллиги III босқич. Артериал гипертензия-III. Хавф-IV (Ўта юқори) асосий ташхиси қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент махсус прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун: Баҳром Ҳайдаров шериклари билан 48 миллиард сўм бюджет маблағини талон-торож қилган. Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тергов иши доирасида 37 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, уларнинг 32 нафари қамоққа олинган. Айни кунга қадар етказилган зарарнинг 23 фоизи қопланган.
2022 йилда Баҳром Ҳайдаров давлат манфаатларига 1,7 миллиард сўм зарар келтирганликда айбланган. 2022 йил декабрь охирларида у Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг “а”, “в” бандлари, 209-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.
Баҳром Ҳайдаровнинг жанозаси бугун, 5 март куни Андижон шаҳридаги хонадонида бўлиб ўтади.






