Фарғона шаҳри марказидаги 2 гектарлик кўл ҳоким Хайрулло Бозоровнинг қарори билан 24 кунлик фирмага бериб юборилгани кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлди.
Давактив агентлигининг расмий муносабатига кўра, Фарғона вилояти ҳокимининг 2024 йил 29 январдаги тегишли қарорига асосан Фарғона шаҳар, “Ойбек” МФЙ ҳудудида жойлашган собиқ “Ёшлар кўли” бино-иншоотлари “Unays building” МЧЖга инвестициявий ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун фойдаланиш ҳуқуқи билан берилганлиги, яъни сотилмаган.
Мазкур масалага аниқлик киритиш бўйича ўрганишларда ушбу объект Спорт вазирлиги томонидан самарали фойдаланиш учун Фарғона шаҳар ҳокимлиги балансига вилоят ҳокимининг 2022 йил 30 декабрдаги қарорига асосан ўтказиб берилганлиги, бироқ ҳокимлик томонидан объектга нисбатан кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаганлиги аниқланган.
Айтилишича, ушбу ҳолатда, “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланган тартиб талаблари бажарилмаган.
Хусусан, Қонун талабларига кўра, давлат кўчмас мулк объектларини, идоравий мансублигидан қатъи назар, оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бир давлат муассасаси ёки давлат унитар корхонасидан бошқа давлат муассасаси ёки давлат унитар корхонасига ўтказиш тўғрисида қарор Давактив агентлиги томонидан тегишли давлат органлари билан келишувга кўра қабул қилиниши белгиланган.
Шунга кўра, амалдаги қонунчилик билан белгиланган тартиблар бузилганлиги муносабати билан Давактив агентлиги томонидан Спорт вазирлигига объектни Спорт мактаби балансига қайтариб олиш, ҳокимни “Unays building” МЧЖга фойдаланишга бериш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш бўйича жорий йил 6 март куни тегишли кўрсатмалар юборилган.






