1

Ўзбекистон ва Тожикистон ўзаро савдо ҳажмини 1 млрд долларга етказиш чораларини изламоқда

СИЁСАТ 12.03.2024, 17:36
Ўзбекистон ва Тожикистон ўзаро савдо ҳажмини 1 млрд долларга етказиш чораларини изламоқда

Душанбе шаҳрида 12 март куни Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Икки мамлакат Бош вазирлари бошчилигида ўтган йиғилишда президентларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларимиз дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат руҳида жадал ривожланиб бораётгани, улар томонидан кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилгани таъкидланган.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ошиб бормоқда. Ўтган йили унинг ҳажми 757 миллион долларга етган. Келгусида ўзаро савдони 1 миллиард долларга етказиш учун биргаликда барча чораларни кўриш лозимлиги, бунга саноат кооперацияси, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт-логистика соҳаларида қатор қўшма лойиҳаларни изчил амалга ошириш орқали эришиш мумкинлиги қайд этилган.

Йиғилишда Ўзбекистон-Тожикистон халқаро чегара савдо зонасини яратиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини учинчи мамлакатларга экспорт қилиш учун чегара ҳудудларида улгуржи тарқатиш марказларини яратиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, агросаноат, тўқимачилик, фармацевтика, кимё, металлургия, электротехника, машинасозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда саноат кооперациясини чуқурлаштириш юзасидан мавжуд имкониятларни ишга солиш лозимлиги белгиланган.

Мажлисда ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бераётгани, айни пайтда Олий даражадаги учрашув арафасида Ўзбекистон-Тожикистон иккинчи ҳудудлараро форумини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётгани маълум қилинди.

Томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки мамлакат чегарадош ҳудудларида қўшма қишлоқ хўжалиги кластерларини ташкил этиш ва ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказишдан манфаатдорлигини билдирган.

Транспорт-коммуникация соҳаси қўшма савдо-иқтисодий ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда, дўст халқларимиз ўртасидаги биродарлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашда эса маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик муҳим омил бўлиши қайд этилган.

Тадбир сўнггида Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 11-йиғилиши баёни имзоланган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1