Бугуннинг ўзида чет тилини юқори даражада биладиган 10 минг нафар ёшларга эҳтиёж бор. Йил охиригача бу эҳтиёж 70 мингдан ошиши кутилмоқда.
Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда маълум қилди ва жамоатчиликдан бу борада ёрдам сўради.
“Афсуски, бугунги кунда ёшларнинг кўпчилигида четга кетиб ишлаш фикри ўрнашиб қолган. Улар ўз Ватани, яқинлари олдида туриб ҳам даромад топиш имкониятлари ҳақида билишмаяпти.
Биласиз, бугун хорижий тил халқаро сертификатини олган ёшларнинг имтихон харажатлари Давлат томонидан тўлиқ қоплаб бериляпти, инглиз тилини биладиганларга эса IT сертификат олиш харажатлари ҳам 100 фоиз қоплаб бериляпти. Лекин бу имкониятлардан фойдаланаётган ёшлар кўп эмас”, - деди вазир.
Таъкидланишича, айни пайтда Ўзбекистонга кириб келган чет элнинг йирик компанияларида фаолият юритиб, 4-5 минг АҚШ доллари миқдорида маош олаётган ёшлар бор.
"Биз чет мамлакатларга бориб Ўзбекистоннинг IT имкониятларини тарғиб қиляпмиз. Улар юртимизга кириб келганидан сўнг эса бизга чет тилларини мукаммал биладиган ёшлар керак. Аҳамиятли томони, IT экспорти компанияларда ишлаш учун фақатгина дастурчи бўлиш шартмас, бошқа кўплаб масофадан кўрсатиш мумкин бўлган хизматлар бор. Бу жуда имконияти кенг соҳа, ушбу компанияларда ишлаш учун чет тилини билиш, бироз салоҳият ва ҳаракат кифоя",— дея қайд этди вазир.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Вазир журналистлардан ана шундай имкониятларни ёшлар орасида тарғиб қилишда ёрдам сўради.
Хорижий тил сертификати мавжуд ёшлар бўлса, сўровномани тўлдириб, ўзлари ҳақидаги маълумотларни қолдиришлари, уларни ишга жойлаштиришда ёрдам берилиши таъкидланди.






