Наврўз байрами арафасида Тошкент шаҳридан республиканинг турли ҳудудларига мунтазам автобус йўналишлари орқали ўз манзилига етиб олишни режалаштирган йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида “Тошкент” автовокзалидан амалдаги 32 та рейсларга қўшимча равишда ҳар куни шаҳарлараро йўналишларда 17 та автобус қатновлари ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Қатновлар “Тошкент” автовокзалидан Самарқанд, Бухоро, Қоракўл, Мирбозор, Навоий, Зарафшон, Хатирчи, Қизилтепа, Конимех, Учқудуқ, Кадан, Паяриқ, Шаҳрисабз, Қарши, Ғузор, Шеробод, Термиз, Денов, Узун, Урганч, Хива шаҳарларига амалга оширилмоқда.
Қатнов жадвали ва чипта нархлари билан автовокзалнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида танишиш мумкин.
Чипталарни "Тошкент" автовокзали чиптахоналаридан ҳамда "UzBus" мобил иловаси орқали онлайн тарзда сотиб олиш мумкин.