Ижтимоий тармоқлар орқали “Фарғонада “Агробанк” собиқ мансабдорларининг кирдикорлари ошкор бўлди, омонатчиларнинг биридан 600 млн. сўм маблағи банкка кирим қилинмасдан, ўзлаштириб юборилган” мазмундаги хабарлар тарқалди.
“Агробанк” АТБ Матбуот хизмати ҳолат бўйича маълумот берди.
Маълум қилинишича, банкнинг ички аудит хизмати томонидан Фарғона филиалида ўтказилган аудит текширувлари давомида филиал бошқарувчиси лавозимида ишлаб келган Х.О. ва бошқалар томонидан 2023 йил февралда банкка 600 млн. сўм пул топширган омонатчининг ушбу пул маблағларини 2023 йил 7 мартда бошқа мақсадларда чиқим қилиб, омонатчининг пластик картасига ўзларининг пулларидан банк орқали ойма-ой пул ўтказиб келиб, ишониб топширилган пул маблағларни ўзлаштириб юборилганлиги аниқланган.
Шунингдек, ички аудит хизмати томонидан ўтказилган текширувда банкнинг собиқ масъул филиал ходимлари томонидан “Фергана-Осеана” маъсулияти чекланган жамият қўшма корхонасининг 1,5 млрд. сўм маблағлари қалбаки ҳужжатлар асосида ўзлаштириб юборганлиги ҳам маълум бўлган.
Бундан ташқари, текширув давомида банкнинг собиқ мансабдор шахслари томонидан кунлик касса ҳужжатлари маълумотларини сохталаштириш йўли билан 1,8 млрд. сўмни ўзлаштириб юборилганлиги фош этилган.
Агробанкнинг Фарғона вилояти бошқармаси томонидан юқорида кўрсатилган тартибга асосан барча зарур ҳужжатлар Фарғона вилояти прокуратурасига юборилган.
Мазкур ҳужжатлар асосида Фарғона филиали собиқ мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қоъзғатилган ва айбдор шахсларга нисбатан тегишли айблов эълон қилиниб, жиноят иши жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судига юборилган, иш кўрилиб, суднинг ҳукмига асосан Х.О. ва бошқаларга нисбатан жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а, г” банди ва бошқа моддалари билан тегишли жазолар тайинланган ва етказилган зарарлар айбдорлардан ундирилган.






