Остона шаҳрида 8-11-синф ўқувчилари учун ўтказилган “Astana Open” халқаро фестивалида Қозоғистон ва Ўзбекистондан жами 27 мактаб жамоалари иштирок этди.
Икки кунлик фестивал доирасида Мусиқий хамса, Эрудит-квартет, Шахсий ўйин ва “Заковат” бўйича беллашувлар олиб борилди. Қувонарлиси фестивал доирасида “Заковат” ўйинида 1-ўринни Поп туманидаги 67-ИДУМнинг “Geksagon” жамоаси эгаллади.
Эътиборлиси, мазкур жамоа 2023 йили Умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасидаги “Заковат” турнирида ҳам 1-ўринни қўлга киритган эди. Шунингдек, “Заковат” ўйинида 3-ўринни ҳам Ўзбекистондан борган жамоа - Sehriyo School мактабининг Vorpal Swords жамоаси эгаллади.
Ўзбекистоннинг яна бир жамоаси - International Talent Academy таълим муассасасининг “Академия талантов” жамоаси Эрудит-квартет баҳсларида 3-ўринни қўлга киритди. Юртдошларимиз Шахсий ўйин баҳсларида ҳам медалларни қўлга киритди. 2- ва 3- ўринлар “Академия талантов” жамоаси аъзолари - Егор Дёмин ҳамда Софя Корзикка насиб этди.
Айтиш жоизки, мусобақада совриндор бўлган ҳар учала жамоа ҳам “Заковат интеллектуал клуби” ННТ томонидан ўтказиб келинадиган “Заковат” бўйича Ўқувчилар лигаси, "Заковат: Школьная лига" ва бошқа бир қатор мусобақаларда мунтазам қатнашиб, юқори ўринларни эгаллаб келади.






