1

Ўзбекистонда мингдан ортиқ аёл онлайн хизмат орқали ҳайдовчилик қилмоқда

ЖАМИЯТ 25.03.2024, 09:40
Ўзбекистонда мингдан ортиқ аёл онлайн хизмат орқали ҳайдовчилик қилмоқда

Ўзбекистонда 2,6 млндан ортиқ фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинган. Шундан 284 минг нафари жорий йилда рўйхатдан ўтган. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, ўзини ўзи банд қилган шахслар даромади 100 млн сўмдан ошмаса, солиқ тўламайди. Иш стажига эга бўлиш ва пенсия ҳисоблаш учун улар ихтиёрий равишда йилига бир марта ижтимоий солиқ тўлаши мумкин. Шу мақсадда жорий йилда 68,5 минг нафар ўзини ўзи банд қилган шахс томонидан 21,7 млрд сўм ижтимоий солиқ тўланган.

Йўловчи ташиш транспорти тизимини ривожлантириш, ушбу йўналишда кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, ишсизликни қисқартириш мақсадида йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилган.

Умумий ҳисобда 1 март ҳолатига ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчилар 420,8 минг нафарни ташкил этади. Уларнинг 161,5 минг нафардан ортиғи солиқ органлари билан интеграциялашган онлайн-агрегаторлар орқали йўловчи ташиш хизматларини кўрсатмоқда. Эътиборлиси, аёлларнинг бу соҳага қизиқиши ортиб бормоқда: 1 053 нафар ҳайдовчи аёл ушбу онлайн хизматлар орқали йўловчи ташиш билан шуғулланмоқда.

Онлайн-такси агрегаторларидан фойдаланадиган ҳайдовчилар:

- 30 ёшгача - 59 274 нафар;

- 30 ёшдан 50 ёшгача - 90 420 нафар;

- 50 ёшдан ошганлар - 11 970 нафар.

Солиқ қўмитаси маълумотлар базасида мавжуд маълумотларга кўра, ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчилар жорий йилнинг дастлабки 2 ойида онлайн-агрегаторлар ёрдамида қуйидаги миқдорларда даромад олган:

1 млн сўмгача - 104 241 нафар;

1 млндан 2 млн сўмгача - 24 350 нафар;

2 млндан 5 млн сўмгача - 23 817 нафар;

5 млндан 10 млн сўмгача - 7 887 нафар;

10 млндан 15 млн сўмгача - 1 180 нафар;

15 млн сўмдан юқори - 189 нафар.

Фаолиятини қонунийлаштириш ўзини ўзи банд қилган шахсларга нафақат қонуний даромад олиш, балки ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларига ҳам хизмат қилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1