1

Кимё терапияда мияни ҳимоялаш усули топилди

САЛОМАТЛИК 26.03.2024, 21:23
Кимё терапияда мияни ҳимоялаш усули топилди

Zamon.uz  кимё терапияда мияни ҳимоялаш усули топилгани ҳақида хабар бермоқда.

Кимё терапия саратоннинг кўплаб турларини даволашнинг энг яхши усулларидан бири ҳисобланади. Аммо, афсуски, унинг ён таъсири бутун танада, шу жумладан мияда ҳам сезилади.

Беморларда хотира, диққатни жамлаш ва қарор қабул қилиш билан боғлиқ муаммолар кузатилиши мумкин. Бу эса уларнинг фикрлаш ва хатти-ҳаракатларида намоён бўлади. Гарчи мазкур ҳолат одатда кимё терапия тугаганидан кейин йўқолса-да, бир неча ой давомида кундалик ҳаётга таъсир этади.

Массачусетс технология институти (MIT) олимлари томонидан олиб борилган янги тадқиқот ушбу ножўя таъсирларни даволашнинг жуда оддий усулини кашф этган бўлиши мумкин ва энг муҳими, бу кимё терапияга қараганда кам инвазивдир. Бунинг учун ҳар куни милтилловчи чироқларга қараш ва маълум бир частотали товушларни тинглаш кифоя.

Тажрибалар ёруғлик ва товуш терапиясидан сўнг яллиғланишнинг, асаб тизимининг дегенерациясига олиб келиши мумкин бўлган токсик оқсилларнинг камайганини ҳамда когнитив тестларнинг яхшиланганини кўрсатди.

Кимё терапия курси давомида ҳар куни гамма-тўлқин терапиясини олган тажриба объектларида акс аломатларнинг барчаси сезиларли даражада пасайган. Уларнинг хотираси ва ижро этувчи функцияларини ўлчаш бўйича тестлар анча яхши натижаларни кўрсатган.

Шунингдек, тадқиқотчилар гамма-тўлқин терапияси билан даволанганда яллиғланиш ва ҳужайралар нобуд бўлиши билан боғлиқ генлар сусайганини аниқладилар.

Фойдали таъсирлар даволанишдан кейин тўрт ой давомида ҳеч бўлмаганда қисман давом этиши кузатилди. Бундан ташқари, ушбу янги усул кимё терапиядан кейин эмас, балки у билан бир вақтнинг ўзида қўлланилганда анча яхши натижа бериши қайд этилди.

Бу усул барча босқичлардан муваффақиятли ўтса, у беморларда кимё терапияни амалга оширишнинг стандарт қисмига айланиши, шу билан ҳаётий муҳим даволанишнинг ёқимсиз томонларини камайтириши мумкин.

Тадқиқот “Science Translational Medicine” журналида чоп этилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1