Одамзоднинг феъли қизиқ: аввалига машаққатлардан қийналса, кейинчалик унга кўникади, бора-бора эса буткул ўрганиб қолиши табиий. Таҳририятимизга Сурхондарё вилоятининг Узун тумани “Саховат” маҳалласи “Қўшқоқ” қишлоғидан келган мурожаат ҳам бунга исбот, дейиш мумкин.
Ўзгариш ва янгиланишлар бор, аммо...
Гап шундаки, қишлоқда истиқомат қилаётган 300 га яқин хўжалик аҳли ҳам аллақачон носоз йўлларга ўрганиб қолишган. Маҳаллада учта қишлоқ бўлиб, аҳоли тарқоқ жойлашган. “Қўшқоқ” эса адирликларга туташиб кетган. Пайдо бўлиш тарихи юз йилларга бориб тақаладиган ҳудудда бир ярим мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Иккита ғишт ишлаб чиқарадиган завод ҳамда ўнга яқин фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда. Иккита оилавий боғча ва 47-умумий ўрта таълим мактаблари бор. Хуллас, қишлоқ одамлари ўзгариш ва янгиланишлардан мамнун.
Ўн йилдан бери қийнаётган муаммо ҳам йўқ эмас
Сурхондарё вилоятининг Узун тумани “Саховат” маҳалласи “Қўшқоқ” қишлоғи аҳолисинибир неча ўн йилдан буён йўл масаласи қийнаб келади. Қишлоққа олиб борувчи 5 км кўчанинг бугунги кўриниши ранг кўр, ҳол сўр аҳволда. Янаям тўғрисини айтганда ёғин-сочинли кунда бамисоли анҳор кўринишини олса, кунлар исиши билан шудгор қилинган далага ўхшайди. Лой, сирпанчиқ, паст-баланд, ўнқир-чўнқир... Мурожаатчиларнинг қайд этишича, кўпнинг дардига айланган бу масала юзасидан 10 йилдан буён туман ва вилоят ҳокимликларига мурожаат қилиб келинган.
Ўроқ Абдуназаров:
– Аслида бу йўл юз йиллар олдин пайдо бўлган. Ўшанда ҳам асфальт қилинмаган эди. Ўтган асрнинг 85-йилларидан кейин бир мартагина қумли шағал тўкилди, холос. Ёзнинг саратонида атрофни чанг қоплайди. Осмонда булут пайдо бўлиши билан хавотирга тушамиз. Фарзандларимиз лой кечиб, сон-саноқсиз кўллардан ўтишга мажбур. Куз, қиш ва баҳор ойларида биз томонларга тез тиббий ёрдам машинаси нари турсин, ҳатто, махсус автомашиналарнинг ҳаракатланиши ҳам амримаҳол.
Эргаш Аллаёров:
– Маҳалламизнинг бошқа қишлоқларидаги кўчалар обод бўлгани рост. Айримлари асфальт қилинган бўлса, баъзиларида тош тўкилиб текисланди. Аммо бизнинг қадимий йўлимиз ҳамон ўша-ўша – ҳам куясиз, ҳам раҳмингиз келади.
Номоз Йўлдошев:
– Кўпнинг дардига айланган масала юзасидан 10 йилдан буён туман ва вилоят ҳокимликларига мурожаат қилиб келаяпмиз. Бир неча бор сайёр қабулларда бўлдик. Ваъдалар берилди. Натижасига келганда эса... Масалан, жорий йил март ойининг иккинчи ўн кунлигида вилоят ҳокимлигида бўлдим. Вилоятимиз ҳокими Улуғбек Қосимов яхши кутиб олди. Ҳолатни жойига бориб ўрганиш ва тегишли чора-тадбир кўриш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар бериб ишонтирганди. Афсуски, масъуллардан ҳамон дарак йўқ.
Хўш, мутасаддилар нима дейди?
Чори Жўраев, “Саховат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:
– Ўтган йили қатор ютуқларга эришдик. Хусусан, “Опен бюджет” лойиҳаси доирасида “Янги шарқ” қишлоғимиздаги 38-мактабда кутубхона, маъмурий бино ва спорт зали фойдаланишга топширилди. “Менинг йўлим” лойиҳаси бўйича эса Нуроний кўчасининг 2,5 км.и асфальтланди. Ҳозирги кунда мазкур лойиҳалар орқали 47-мактаб учун спорт зали ҳамда “Қўшқоқ”га элтувчи йўлни таъмирлаш учун ҳаракат қилмоқдамиз.
Мирзобек Жўраев, Узун туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари:
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 октябрдаги “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллиштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 15-бандида 2024 йилдан бошлаб хўжаликлараро қишлоқ автомобил йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун бюджет маблағлари фақат “Менинг йўлим” дастури орқали ажратилиши кўрсатиб ўтилган. Шундай экан, энг кўп овоз тўплаш орқалигина лойиҳада ғолиб бўлиб, мақсадга эришиш мумкин.
Аммо ҳолатни ўрганиш охирида туман ҳокими вакили Мирзобек Жўраев уч кунда махсус техника ва зарур ёнилғи ажратилиб йўл текисланишини ваъда берди. Амалга оширилган ишлар суратларини ҳам юбораман, деганди ўшанда.
...Тўғри, шу йилнинг 1 апрелъ куни “Қўшқоқ”даги юз йиллик йўлнинг айрим жойлари бироз текисланибди. Аммо хўжакўрсин ва ўлда-жўлда амалга оширилган ишлардан қишлоқ аҳли норози. Хулоса ўзингиздан.
Собит Қайнаров,
Сурхондарёдан “Даракчи” учун махсус






