АсосийJamiyat

Андижон, Сирдарё, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида фуқароларни АҚШга юбориш билан шуғулланувчилар ушланди

'Андижон, Сирдарё, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида фуқароларни АҚШга юбориш билан шуғулланувчилар ушланди'ning rasmi

Америка Қўшма Штатларига ноқонуний йўллар билан юборишни ваъда қилган шахслар ушланди, дея “darakchi.uz”га хабар қилди ДХХ матбуот хизмати.

Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ИЖҚКД ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Марҳамат туманида яшовчи, 1997 й.т. шахс Асака туманида истиқомат қилувчи фуқарони Мексика давлати орқали Америка Қўшма Штатларига юбориш эвазига 19 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, 15 минг АҚШ долларидан 6 минг АҚШ долларини олган вақтида мазкур ноқонуний ишга алоқадор бўлган, Марҳамат туманида яшовчи, 1992 й.т. фуқаро ҳам қўлга олинди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида яшовчи, 1997 й.т. шахс Нурота туманида истиқомат қилувчи фуқарони Мексика орқали Қўшма Штатларга юбориш эвазига 14 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ИЖҚКД билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Жиззах шаҳрида яшовчи, 1998 й.т. шахс 15 минг АҚШ доллари эвазига Сардоба туманида истиқомат қилувчи фуқарони Америка Қўшма Штатларига юборишни ваъда қилиб, олдиндан 12 минг АҚШ доллари ва 6 млн. сўм олган вақтида ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда Бектемир туманида ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида яшовчи, 1990 й.т. аёл Чилонзор туманида истиқомат қилувчи фуқарога виза ва бошқа тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, уни “Туркия-Никарагуа-Мексика” йўналиши орқали Америка Қўшма Штатларига юбориш эвазига 16 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 9 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар