АсосийJamiyat

Қизилтепа тумани "зам ҳокими" жаримага тортилди

'Қизилтепа тумани "зам ҳокими" жаримага тортилди'ning rasmi

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Навоий вилояти Қизилтепа тумани ҳокими ўринбосари Ўлмас Истамов тумандаги ташкилотлар раҳбарларини “Опен бюджет”га мажбурий овоз йиғишга ундагани ва 50 тадан 100 тагача овоз йиғмаган раҳбарлар ишдан олиниши айтилган аудиохабар тарқалган эди.

Шундан сўнг биз ҳолатни суриштиргандик. Суриштирув давомида, мазкур ҳолат Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссияси томонидан назоратга олингани маълум бўлганди. 

Миллий комиссиянинг ўрганиш ишлари якунига етди. Маълум қилинишича, раҳбарларни "опен бюджет"га овоз йиғишга мажбурлаган "зам ҳоким" жаримага тортилди.

Прокуратура ва меҳнат инспексияси ўтказган ўрганишда ҳоким ўринбосарининг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аниқланиб, унга нисбатан МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисми билан жарима жазоси тайинланган.

51-модданинг 1-қисмига кўра, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш 50–100 БҲМ (17 млн сўмдан 34 млн сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади. Ҳоким ўринбосари айнан қанча жаримага тортилгани маълум қилинмади.

“Миллий комиссия барча масъулларни, шунингдек, иш берувчиларни, ҳудуд раҳбарларини ходимларнинг конститутсиявий ҳуқуқларини таъминлашга чақиради.

Шу ўринда Конституциямизга мувофиқ ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эгалиги, шунингдек, мамлакатимизда мажбурий меҳнат тақиқланганлиги ҳамда миллий қонунчилигимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланганлиги ҳақида эслатиб ўтамиз”, – дейилади комиссия баёнотида.

    Бошқа янгиликлар