Асака туманида яшовчи З.Р. ва М.М. ипотека кредитига хонадон харид қилишади. Тўловларни амалга оширмаганликлари сабаб қарз берувчи “Invest Finance Bank” АТБнинг Андижон вилояти филиали судга арз қилади.
Фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судининг 2023 йил 22 июндаги ижро ҳужжатига асосан З.Р. ва М.М. дан солидар тартибда даъвогар банкнинг вилоят филиали фойдасига жами 501.183.369 сўм кредит қарздорлигини ундириш белгиланади. Ундирув ипотека шартномасига асосан жавобгар З.Р.га тегишли Асака тумани, “Барака” МФЙдаги хонадонга қаратилган.
Қарздорлар Бюронинг Асака туман бўлими ходимлари томонидан ижро иши талабларини бажариши юзасидан огоҳлантирилган. Бироқ, кредит қарзлари тўланмаган.
Шу сабабли, ижро ҳужжатига биноан Асака туманининг “Барака” маҳалласида кўп қаватли уйнинг 2-этажида жойлашган 3 хонали хонадон хатланди. Ҳозирда хонадон 650 000 000 млн. сўм бошланғич нархда электрон онлайн-аукцион савдосига қўйилган.
Аукцион ўтказиладиган савдо кунига қадар қарздорларнинг кредит қарзлари тўланмас экан, уларга тегишли хонадон сотилиб кетиши мумкин.






