АсосийJamiyat

Покистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимининг "автоҳалокат"га учраган қизини қутқариб қолиш учун 20 минг доллар сўрашди

'Покистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимининг "автоҳалокат"га учраган қизини қутқариб қолиш учун 20 минг доллар сўрашди'ning rasmi

4 апрель куни соат 16:15 да номаълум аёл Покистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси хавфсизлик постидаги “Қўриқлаш” бош бошқармасининг хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналарини қўриқлаш бўйича алоҳида батальонининг телефон рақамига қўнғироқ қилади. 

Ўзини шифокор деб таништирган аёл қизи йўл-транспорт ҳодисасида жароҳат олганлиги, жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун зудлик билан 20 минг АҚШ доллари олиб келиши эканлигини айтади.  

Қўнғироққа жавоб берган “Қўриқлаш” хизмати ходими фирибгарлар қўнғироқ қилаётганини дарҳол англаб, уларни қўлга олиш мақсадида “қизини қутқариш учун” учрашишга ва пул беришга тайёрлигини айтган. Аёл Покистон элчихонаси яқинида учрашув тайинлайди, лекин у пулни олиб кетиш учун ўзи келмаслигини, ўрнига Руслан исмли танишини юборишини айтади.

20 дақиқадан сўнг, Руслан хавфсизлик постининг расмий телефон рақамига қўнғироқ қилиб, жароҳатланган қизнинг отасини кутаётганини айтади. Фирибгар учрашув белгиланган жойда ходимлар томонидан қўлга олинади ва Яккасарой тумани ички ишлар бўлимига олиб борилади. Фуқаронинг шахси текширилганда, у аслида Чилонзор туманида яшовчи Самандар исмли 23 ёшли фуқаро экани аниқланади.

Айни пайтда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Қайд этилишича, суриштирув давомида унинг шериги аниқланади, шунингдек, бошқа шу каби жиноятларга алоқадорлиги текширилади.

 

    Бошқа янгиликлар