1

Фарғонада 3 кишини ўлдириб, 21 йилдан буён қочиб юрган шахс умрбодга қамалди

ЖИНОЯТ 17.04.2024, 19:27
Фарғонада 3 кишини ўлдириб, 21 йилдан буён қочиб юрган шахс умрбодга қамалди

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида 2001 йил содир этилган босқинчилик ва қотиллик жиноятига доир иш кўрилди. Бу ҳақда Kun.uz ёзмоқда.

Ҳукмда келтирилишича, жиноятни содир этган фуқаро Д.Э. 21 йил давомида тергов органларидан қочиб, яшириниб юрган. У 2022 йилнинг 18 октябр куни қидирувда ушланиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган (қайси давлатда ушлангани ҳақида ҳукмда маълумот келтирилмаган).

Д.Э. шериги билан Бешариқдаги ўзига тўқ оилалардан бирининг уйига босқинчилик уюштириш ҳамда уларни ўлдириш ҳақида жиноий режа тузган. 2001 йилнинг 24 август кунидан 25 август кунига ўтар кечаси режани амалга ошириш мақсадида пичоқ ва болта билан қуролланиб, хонадонга боришган ҳамда деворни ошиб ўтиб ҳовлига киришган.

Қотиллар дастлаб верандада ухлаб ётган ёш болани, сўнгра шовқинни эшитиб югуриб келган қарияни, шунингдек, оиланинг I-гуруҳ ногирони бўлган яна бир аъзосини болтанинг орқа тарафи ва пичоқ билан уриб, ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдиришган. Сўнгра уйдан турли тилла тақинчоқлар, АҚШ доллари ва маълум миқдордаги пулларни олиб, воқеа жойидан яширинишган.

2001 йил 17 сентябрда Д.Э.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиб, қидирув эълон қилинган. У орадан 21 йил ўтиб, 2022 йилнинг октябр ойида ушланган.

Суд ҳукми билан Д.Э.га умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазонинг 3 йилини турмага қамаш тариқасида ўтаттириш белгиланган.

Ҳукмдан норози бўлган Д.Э. апелляция шикояти киритиб, жиноят содир этилганига 22 йил тўлгани учун жавобгарликка тортиш муддати ўтганини, адолатли қарор қабул қилишни сўраган. Бироқ Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси 2024 йил 2 апрел куни ишни қайта кўриб чиқиб, биринчи инстанция суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1