Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида фуқаро фарзанди вафот этганини айтган шифокорни урди. Бу ҳақда “Millar” кўрсатувида маълум қилинди.
Видеода айтилишича, 2 ёшли бола дивандан йиқилиб тушиб, Шаҳрисабз шаҳри болалар шифохонасига ётқизилган. Боланинг бош миясига қон қуйилгани сабабли реанимация бўлимига ўтказилиб, сунъий нафас аппаратига уланган.
Шифокорлар унинг аҳволи ҳақида ота-онасига ахборот бериб турган. 17 апрель куни аҳволи оғирлиги сабаб болада биологик ўлим кузатилган. Буни эшитган боланинг отаси эса шифокорни урган.
“Отасига айтганимдан кейин, отаси тўғридан-тўғри юзимга мушт билан урди. Хушимни йўқотдим, қолганини тўлиқ эслолмайман”, — дейди 47 ёшли жарроҳлик бўлими бошлиғи.
Шифокорга калламиянинг ёпиқ шикасти, бошмия чайқалиши, чап кўз қовоқлари юмшоқ тўқималарининг лат ейиши ташхиси қўйилган. У ҳозирда қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказида даволанмоқда.
“Менинг болам ўлганини айтмай туриб улар ўзлари бошлади муаммони. Эрим асабийлашиб бир мушт уриб юборди, бошқа куч ишлатганлари йўқ, фақат кўтара олмадилар”, — деди боланинг онаси ва шифокордан “тўғри тушуниш”ни сўради.
Калтакланган шифокор фарзандини йўқотган ота-онага ҳозир жуда қийин экани боис ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилмаганини айтган.
Шу сабабли текширув ҳаракатлари бошланмаган, аммо ҳолат Қашқадарё вилояти ИИБнинг қаттиқ назорати остида, дейилади хабарда.