Жорий йилнинг апрель ойида "Замонавий аёллар" клуби томонидан Atlas Party номли миллий либослар тарғибот тадбири ўтказилган ва тадбирдан лавҳалар ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган. Ушбу лавҳаларга нисбатан номаълум эркакнинг мазкур тарғибот тадбирида иштирок этган аёлларни обрўсизлантирувчи ҳақоратли сўзлари акс этган видеоролик ижтимоий тармоқларда тарқалган бўлиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
"Яқинда бизга бир видео ташлашибди. Миллий либос деб тақдим қиляпти. Миллий либос ундай бўлмайди. Енги йўқ, ярим-яланғоч бўлиб ётибсан-ку. Ўша миллий либос бўлса ҳам модель бўлиш "лесбиянка"га қолибдими?", - дея видеомурожаат қилган мазкур эркак.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси мазкур эркакнинг бу чиқишини кескин қоралаб, унга қонуний чора кўриш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилган.
ИИВнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Atlas Party тадбирининг бир қатор иштирокчилари ички ишлар идораларига ушбу шахсга нисбатан қонуний чора кўриш учун ариза билан мурожаат қилишди.
Олиб борилган тезкор-суриштирув тадбирлар натижасида мазкур шахс 1988 йилда Сирдарё вилоятида туғилган фуқаро М.Д. эканлиги аниқланди.
2024 йилнинг 23 апрель куни фуқаро М.Д. Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБга таклиф этилди ҳамда у ўзининг шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда атлас тарғиботини олиб борган аёлларга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатганлиги таъкидлаб ўтди.
Ушбу ҳуқуқбузарлик ҳолати тегишли тартибда Шайхонтоҳур туман суди томонидан кўриб чиқилиб, фуқаро МЖтКдаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) асосида М.Д.га нисбатан 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.