Балиқларни ноқонуний овлаганлар табиатга 8 млн. дан ортиқ зарар етказган. Бу ҳақда Жиззах вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг 2024 йил 16 апрельдаги 197 сон буйруғининг ижросини таъминлаш мақсадида Айдар-Арнасой кўллар тизими бўлими давлат инспекторлари, Жиззах вилоят прокуратураси ва Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда жорий йилнинг 26-27 апрель кунлари Айдар-Арнасой кўллар тизими, Тузкон бўлимида ўтказилган назорат рейд тадбири ўтказилган.
Маълум қилинишича, 95 контур ҳудудидан Зафаробод тумани, Лолазор ҚФЙда яшовчи фуқаролар О. Р ва О. А томонидан 1 (бир) дона резина қайиқ ва 65х65 мм ўлчамдаги лескали тўрлардан фойдаланган ҳолда 12 бош зоғора (сазан) балиқларини, табиий сув ҳавзаларида балиқ овлашга тақиқ ўрнатилган муддатларда ноқонуний равишда овлаб, ҳайвонот дунёсига 8 млн. 160 минг сўм миқдорида зарар етказганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 90 моддаси 4 қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.