Жиззах шаҳридаги ресторанда безорилик содир этган ва ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган 9 нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, ушбу шахслар вилоятнинг турли туманларда туғилган бўлиб, улар Жиззах шаҳридаги 5 та тунгги клубда турли вазифаларда фаолият юритган.
Жабрланувчиларнинг маълум қилишича, 9 нафар шахс Жиззах шаҳридаги ресторанга бориб, “нега ярим кечагача хизмат кўрсатяпсизлар?” деб зуғум қилишган. ИИБ хабарига кўра, ушбу шахслар мазкур ресторанни ўзлари ишлайдиган тунгги клубга рақобатчи сифатида кўриб шундай қилишган.
Шунингдек, уларнинг 3 нафар аввал ҳам турли қилмишлари учун судлангани маълум бўлди.
Жиззах шаҳар судида 9 нафар шахснинг қилмиши кўриб чиқилди ва уларнинг ҳар бирига 15 суткадан қамоқ жазоси тайинланди.






